Ассалому алайкум!
Мўътабар отахонлар ва муниса онахонлар!
Мухтарама опа-сингиллар!
Қадрли ака-укалар!
Халқимизнинг ишончи ва таянчи бўлган ёшлар!
Аввало Сизларни ва Сиз орқали барча ҳамшахарларимизни минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келган, хаммамиз орзиқиб, соғиниб кутган хосиятли кун Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман!
Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин! Шарқона Янги йилимиз – Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин!
Азиз хамшаҳарлар!
Барчамизга маълумки, Наврўз – янги кун, янги фасл демакдир. Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда. Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, қалбимизда эзгу ниятлар тўлаётгандек ҳис этамиз. Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз.
Ҳар бир инсон учун бу байрам – ўзгача қувонч, умид ва янги имкониятлар байрамидир. Наврўз – бу фақатгина янги йилнинг бошланиши эмас, балки кўп йиллик тарихимиз ва қадриятларимизга асосланган, ҳаётнинг янгиланишини, тикланишини ва покланишни билдирадиган байрамдир. Бугун, шодлик ва бахтнинг рамзи бўлган Наврўз байрамини биргаликда нишонлаш, янги ишончлар,янги умидлар ва кўтаринки кайфият билан келажакқа интилишдир.
Бугун жонажон юртимизга гўзаллик ва нафосат, яшариш ва янгиланиш, меҳр ва оқибат байрами – Наврўз кириб келар экан, дала ва қирларимиз, боғ ва яйловларимиз кўклам офтоби – тафтидан баҳраманд бўлиб, бўлғуси мўл ҳосил, қут ва баракадан дарак бермоқда. Ҳар бир инсон ўзининг табиат фарзанди эканини янада чуқур англаётган мана шундай мунаввар айёмга эл-юртимиз билан соғ-омон етганимиз учун, аввало, Яратганимизга беҳад шукроналар айтамиз.
1990 йилдан бошлаб Республикамизда Наврўз умумхалқ байрами сифатида дам олиш куни деб эълон қилинди. У юртимизда яшовчи барча миллат, элатлар ўртасида дўстлик, биродарлик ва ҳамжихатлиликни мустахкамловчи байрам сифатида нишонланади.
Наврўзнинг тарихи чуқур ва бой. У ўнлаб асрлар давомида Шарқ халқлари, маданиятлари ва миллатлар орасида тенглик, бағрикенглик ва дўстликни рамзи бўлиб келган. Наврўз – табиатнинг қайта тирилишини, янги куннинг башоратини, бахт ва умидларнинг пайдо бўлишини билдиради. Биз, эса Наврўзи оламни яхши ниятлар, шодлик, тинчлик ва хамжиҳатлик билан кутиб олишга харакат қилишимиз керак.
Наврўз – бу на фақат табиатнинг қайта тирилиши, балки инсонларнинг маънавий янгиланишидир. Бу байрам олдидан одатда уйлар кўтарилади, ҳовли, кўчалар тозаланиб, гулзорлар парвариш қилинади. Одамларимиз қалбида ҳам покланиш бошланади
Наврўзда кексалар ҳолидан хабар олиш, беморлар ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, қариндошлак, қўшнилик ришталарини янада мустахкамлаш каби эзгу ниятлар амалга оширилади. Айниқса бу йилги Наврўз байрамининг Моҳи Рамазон кунлари билан бирга келиши ҳар бир ҳамшаҳаримизга янги имкониятлар, янги мақсадлар ва янги ҳаётни бошлаш имкони берилганини кўрсатади. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, Сиз азизларимни ана шу табаррук айём билан хам чин қалбимдан муборакбод этаман. Ушбу илоҳий ойда қиладиган хайрли амалларимиз қабул бўлиб, эзгу ва пок ниятларимиз ижобат бўлишини тилайман.
Ҳурматли ҳамшахарлар!
Бу қутлуғ кунларда биз нафақат байрам билан бир-биримизни табриклаймиз, балки ўз шаҳаримизнинг келажаги, унинг ривожи ва янги ғояларга умид ва ишонч билан қараб, ўз меҳнатимиз билан эзгу ишларни давом эттирамиз.
Юртбошимиз бошчиликларида Аҳли Қўқон олдида янги имкониятлар, янги марраларга етиш учун тинчлик ва ўзаро хурмат асосида ривожланиш имкониятлари ва йўллари кўрсатиб берилган.
Наврўз – эса бизга яратилган янги йўллардан янги тараққиётга етишимиз учун қалбларимизни эзгулик, яхшилик, меҳр ва саҳоват, одамийлик каби фазилатлар билан тўлдиради.
Шахаримизнинг ривожи, халқимизнинг қадр қиммати, манфаатлари, фаровонлиги ва тинчлиги биз учун ҳар доим муҳим.
Азиз ҳашахарларим!
Ҳаммамиз учун севимли ва ардоқли Наврўз байрами билан барчангизни яна бир бор чин дилдан табриклайман!
Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин!
Ватанимиз янада обод, халқимиз доим омон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!